КИТОБХОНЛАРГА «СУИҚАСД» ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Суиқасд 007

25 январь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекистон милллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган ёзувчи Акбар Мирзо қаламига мансуб «Суиқасд» романини
нг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ижодкорлар асарларида тараннум этган Истиқлолни замонамизнинг яна бир қаҳрамони 1991 йил августида эълон қилди. Бу кунни умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келамиз. Минг йиллар бўйи орзулаб келинган Мустақиллигимизни эълон қилган киши мамлакатимизнинг, халқимизнинг, замонамизнинг чинакам қаҳрамонига айланди. Зеро, Мустақилликни қўлга киритиш машаққати билан уни сақлашнинг, авайлаб-асрашнинг ўртасида улкан тафовут бор. Шундай буюк масъулиятни ўз зиммасига олиб, бу тарихий вазифани бекаму кўст бажариб келган Мустақиллигимиз меъмори, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бу йўлдаги машаққатлари, изтироблари, фаолияти ўз ифодасини топган асар ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинди. Давр қаҳрамонларини бадииятга муҳрлаш, авлодларга етказиш ижодкорларнинг вазифасидир. Ушбу вазифа масъулиятини ҳис этган ёзувчи Акбар Мирзонинг «Суиқасд» романи шу нуқтаи назардан катта аҳамиятга молик асар.Суиқасд 009

Тақдимотда романнинг бадиий жиҳатлари, тили, услуби ва бошқа томонлари ҳақида таниқли ижодкор, олим ва мутахассислар ўз фикрларини айтишди. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти кейинги пайтларда нафақат илмий фундаментал китоблар нашрига, балки жаҳоншумул бадиий асарлар чоп этилишига ҳам катта аҳамият қаратиб келаётгани алоҳида эътироф этилди. Хусусан, куни кеча «Соф.уз» сайти эълон қилган энг кўп сотилган китоблар статистик рейтингида мазкур нашриётда чоп этилган «Драббллар. Дунёнинг энг кичик ҳикоялари», «ХХ аср: муҳаббат ҳақида 20 ҳикоя» каби китоблар борлиги қайд этилди. Юртимизда китоб мутолааси ва китобхонлик даражасини оширишга ҳукумат даражасида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

Суиқасд 016

«Тан олиш керак, бугунги кунда умуминсоний қадриятлар, жаҳоний адабиёт мезонларига, талабларига жавоб беролмайдиган асарлар чоп этиш авж олди, бундай китобларни чин адабиёт деб қабул қилиб, улар руҳида тарбияланган саёз ўқувчилар оммаси ҳам шаклланиб улгурди, – дейди нашриёт бош муҳаррири Ҳабиб Абдиев. – Нашриётлар бундай китобларни моддий манфаат юзасидан эпақага келтирар-келтирмас чоп этишяпти. Аслида, аксари бундай асарларга нисбатан эпақага келтириш деган иборанинг ўзи номуносиб. Эндиликда чин сўзни тушунадиган, бадииятни англайдиган, воқеанавислик, баёнчилик билан ҳақиқий бадиий асарни фарқлашга қодир китобхонларни шакллантириш адабиёт аҳли, қалам аҳли, айниқса, ноширлар олдида турган долзарб вазифадир. Энди ўқувчилар учун уларнинг маънавияти, тафаккури, диди ва савиясини ўстирадиган, шахс сифатидаги такомилига хизмат қиладиган китобларни тақдим этиш вазифаси нашриётлар зиммасига улкан масъулият ҳам юклади. Ёшларни ўзликни англаш, Ватанпарварлик руҳида тарбиялай оладиган етук китоблар сув билан ҳаводай зарур. Акбар Мирзонинг «Суиқасд» номли китобини ана шундай ҳаракатларнинг биргина мисоли сифатида қабул қилиш мумкин».

Тадбирда Матбуот ва ахборот агентлигининг Нашриётлар ва оммавий ахборот воситалари бошқармаси бош муҳаррири, таниқли шоир Муҳиддин Омон сўзга чиқиб, «Суиқасд» романининг турфли жиҳатлари борасида муфассал нутқ сўзлади ва мазкур китоб нашри билан асар муаллифини, нашриётни ҳамда китобхонларни самимий қутлади.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан таниқли журналистлар, олимлар – Ж. Раззоқов, Ш. Убайдуллаев, З. Исомиддинов, А. Алимбеков ва бошқалар китоб ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *