Сўнгги йилларда дин, хусусан, ислом дини ва унинг инсоният тарихий тараққиётидаги ўрни масаласига қизиқишнинг кескин даражада ортгани унинг ана шундай кенг қамровли мазмун-моҳияти билан бевосита боғлиқдир. Бу қизиқиш айни пайтда жаҳон динлари ичида энг ёши бўлишига қарамай исломнинг унга эътиқод қилувчи халқлар, ушбу дин тарқалган мамлакатлар ҳаётининг турли соҳаларига кўрсатаётган серқирра таъсири билан ҳам белгиланади.
Ўлкамиз азалдан инсоният маданияти, шу жумладан, ислом маданияти ривожида муҳим ўринни эгаллаб келган. Тарихга назар ташласак, ислом динининг моҳиятини англаш, талқин қилиш ва унга ёндашувлар турли даврларда турлича бўлган. Хусусан, истибдод йилларида бу мерос деярли ўрганилмади ёки бир ёқлама ўрганилди, коммунистик мафкура ва атеизм нуқтаи назаридан нохолис талқин этилди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг умуман дин, хусусан, ислом динини асл манбалар асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Мазкур «Ислом» энциклопедияси (қомуси) ҳам ана шу имконият ҳосиласи, исломшунос олимларимизнинг йиллар давомида қалбларида армон бўлиб келган орзуларининг воқеликка айланиши натижасидир.
Ушбу нашрга хос муайян хусусиятлар устида тўхтаб ўтсак.
Биринчидан, замонавий исломшуносликда қўлланилаётган тушунчалар, уларнинг мазмуни ва қамров доираси тўғрисида турлича ёндашувларга асосланган маълумотлар, хулосалар шаклланган ва бу жараён ҳозирда ҳам давом этмоқда. Шуни инобатга олиб, исломга доир тушунчаларнинг мазмунини талқин этишда кенг тарқалган ва кўпчилик мутахассислар томонидан эътироф этилган таърифу тавсифлар берилган.
Иккинчидан, ислом дини миллатимиз маданияти ва маънавиятининг ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, қомусда, бир томондан, исломнинг маданиятимиз ривожига, иккинчи томондан, миллий қадриятларимизнинг ислом таълимоти ривожига таъсирининг ўзига хос хусусиятлари ёритиб берилган.
Учинчидан, ислом дини ҳам бошқа динлар ва, умуман, барча ижтимоий ҳодисалар каби ҳаёт билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиб бораверади. Бу, хусусан, давр билан ҳамнафас тарзда янги сўз ва атамаларнинг пайдо бўлиши ва муомалага киритилишида ҳам кўринади. Масаланинг ана шу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш зарур.
Тўртинчидан, китобда соф исломий атамалар билан бир қаторда кишиларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ тушунча ва атамаларнинг мазмунини ёритишга ҳам ўрин ажратилганини қайд этиш лозим.
Бешинчидан, жаҳондаги кўп мамлакатларда, айниқса бизнинг ўлкада ислом дини пешволари, азиз-авлиёлар номлари билан боғлиқ кўплаб осори атиқалар бор. Улар ҳақида ўзбек тилидаги мавжуд маълумотлар ҳам турли талқинда ёритиб келинганини назарда тутиб, китобда машҳур мусулмон обидалари тўғрисида мақолалар ва улар билан боғлиқ безаклар беришни жоиз кўрдик.
Умуман олганда, ушбу қомус билан танишган китобхон ислом, унинг юзага келиши, ривожланишининг асосий босқичлари, ислом дини билан боғлиқ муҳим сана ва воқеалар, ислом фалсафаси ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ мутафаккир ва уламо, жумладан, ватандошларимиз бўлган буюк муҳаддис, фақиҳ, мутасаввиф, муфассир, алломалар ҳаёти ва ижоди ҳақида яхлит ҳамда тизимли тасаввур ҳосил қилиш имконига эга бўлади. Энг асосийси, буларнинг барчаси ҳар томонлама илмий асосланган, айни пайтда содда ва кенг китобхонлар оммаси учун ҳам тушунарли тилда ёзилган.
Энциклопедия яратиш мураккаб ва машаққатли жараён. У кўплаб мутахассисларнинг бир мақсад йўлида ҳамкор ва ҳамнафас бўлиб меҳнат қилишини талаб қилади. Ҳар томонлама етук китобни яратиш ҳамма вақт ҳам осон кечавермайди. Бу мазкур соҳадаги дастлабки қадамлардан бўлган «Ислом» энциклопедияси нашрига ҳам тегишлидир. Шундай экан, мутахассисларнинг катта жамоаси томонидан яратилган ушбу энциклопедия ҳам муайян камчиликлардан холи бўлмаслиги табиий. Китобхонларимиз буни тўғри тушунадилар ва бағрикенглик билан қабул қиладилар, деб ўйлаймиз.
Республикамиз Президенти Ислом Каримов бугунги вояга етаётган ва келажак авлодларимизда ота-боболаримиз, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий ва маданий меросга садоқатни тарбиялаш, муқаддас қадриятларимизни сақлаш ва асраб-авайлаш – бугунги сиёсатимизнинг узвий қисми, маънавий бойлигимиз ва маънавий қудратимизнинг далолати эканлигини ҳамиша таъкидлаб келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат бўлган, кишиларни меҳр-оқибатли, ор-номусли бўлишга чорлайдиган ана шу бойликнинг моҳиятини англаш ва тўғри тушуниб етишга муайян даражада хизмат қиладиган мазкур қомус ҳам диншунос, исломшунос, тарихчи мутахассислар ҳамда кенг китобхонлар оммасига манзур ва мақбул бўлади, деб умид билдирамиз.