ЭНЦИКЛОПЕДИЯ ТАРИХИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ

ЎзМЭ – Ўзбекистон Республикасининг биринчи универсал миллий энциклопедияси. Тошкентда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилади. 1996 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси Қомусини нашр этиш тўғрисида» қарор қабул қилди. Шу қарор асосида универсал энциклопедиянинг соҳа сўзликларини тузишга киришилди, мезонлар ишлаб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 мартда «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриётини ташкил этиш тўғрисида»ги 154-қарори қабул қилингач, бу ишни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар юзага келди. Қарорда 12 жилдли универсал ЎзМЭнинг илмий-назарий ва ғоявий-сиёсий йўналиши белгилаб берилди. Шу қарор асосида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти тузилди. ЎзМЭнинг мазмун ва мундарижасини белгилашда жаҳон қомусчилиги анъаналаридан ва мамлакатимизда орттирилган ижобий тажрибалардан фойдаланилди.

ЎзМЭнинг  умумий   ҳажми 1600 нашриёт-ҳисоб табоғини ташкил этиб, қарийб 50 минг мақолани ўз ичига олади. ЎзМЭда тасдиқланган йўналиш (концепция)га кўра, энциклопедияда Ўзбекистон Республикаси ҳақида материаллар билан биргаликда умумбашарий маълумотлар ҳам берилади; ижтимоий (60%) ва табиий (40%) фанлар мутаносиблиги сақланади. Ҳамма универсал энциклопедияларда бўлгани каби, унга барча замонлар ва халқларга мансуб машҳур шахслар, кашфиётчилар, сайёҳлар, фан, техника, адабиёт ва санъат намояндалари, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари тўғрисида мақолалар кирган.

ЎзМЭнинг асосий илмий таянчи – Бош таҳрир ҳайъатидир. Унинг рўйхати юқоридаги сўнгги қарор билан тасдиқланган. Бундан ташқари, фан соҳалари бўйича 160 дан зиёд кишини бирлаштирган 23 та илмий-маслаҳат кенгаши ҳам тузилган.

ЎзМЭнинг   1-жилди    2000 йилда нашрдан чиқди. Мазкур жилд Ўзбекистон  Республикаси  Президенти И. А. Каримовнинг «Ўзбекистон миллий энциклопедияси ўқувчиларига» йўллаган табриги билан бошланган. Энциклопедиянинг умумалифбо ҳарфидаги сўнгги 11-жилдининг нашри 2005 йилда якунланган. Ўзбекистон Республикасига бағишланган махсус жилди (12-жилд) ҳам нашр этилган.

ЎзМЭнинг ҳар  бир  жилдида 125–130 нашриёт-ҳисоб табоғида материал берилган; 800–1200 атрофида безаклар: рангли ва оқ-қора суратлар, хариталар  ўрин олган;  800 дан зиёд муаллифлар, тақризчилар қатнашган.

 

«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭНЦИКЛОПЕДИЯСИ»  ДАВЛАТ ИЛМИЙ НАШРИЁТИ

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»  Давлат илмий нашриёти кўп жилдли Ўзбекистон миллий энциклопедияси (ЎзМЭ), соҳа энциклопедиялари, изоҳли ва кўп тилли луғатлар, маълумотномалар тайёрлаш ва нашр этишга ихтисослашган илмий-маърифий муассасадир. Нашриётнинг дастурий йўналиш фаолиятига, шунингдек, ўзбек халқининг бой тарихий, маданий ва адабий меросига, миллий қадриятларга оид, тиббиёт, соғлом авлод, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, туризмга доир илмий, илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар, ўқув дарсликлари ҳамда ўқув қўлланмаларини нашр  этиш ҳам киради. Тошкент шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 мартдаги қарори билан ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 июндаги қарори асосида нашриётга Абдулла Қодирий номидаги Халқ мероси нашриёти ва Абу Али ибн Сино номидаги Тиббиёт нашриёти қўшилиши муносабати билан қайта ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси  матбуот ва ахборот агентлиги тизимида.

Нашриётга илмий-методик раҳбарликни жамоатчилик асосида ишлайдиган Бош таҳрир ҳайъати (универсал энциклопедияга) амалга оширади. Унинг таркибига йирик олимлар, жамоат арбоблари, нашриёт раҳбарлари кирган. Бош таҳрир ҳайъати ЎзМЭнинг ғоявий, илмий, таҳририй ва бадиий даражасини оширишда, мақолалар мезонини белгилашда, сўзликларни тасдиқлаш, мураккаб ва мунозарали масалаларни ҳал этишда қатнашади, ҳар бир жилд материалларини нашрга тавсия этади.

Нашриёт ўтган давр мобайнида 60 дан ортиқ номда турли  фан соҳалари бўйича энциклопедиялар ва изоҳли луғатлар, маълумотномалар, луғатлар, оммабоп китоблар нашр этди. Булар орасида «Ўзбекистон Республикаси», «Тошкент» (рус ва ўзбек тилларида), «Пахтачилик» (2 жилдли, рус тилида), «Уй-рўзғор», «Саломатлик энциклопедиялари», «Ҳадис» (1–4-жилдлар; 4 марта нашр  этилди),  «Уй-рўзғор», «Болалар энциклопедияси» (3 марта нашр этилди), «Хотин-қизлар энциклопедияси» (3 марта нашр этилди), «Иш юритиш» (4 марта нашр этилди), «Ислом энциклопедияси», «Буюк ипак йўли» (рус тилида), «Ўзбекистон Республикаси» (рус, ўзбек ва инглиз тилларида), «Ўзбек исмлари изоҳли луғати», «Нефть ва газ бўйича энциклопедик изоҳли луғат», «Физикадан изоҳли луғат», «Тилшунослик терминлари изоҳли луғати», «Русча-ўзбекча-хитойча сўзлашгич», «Ўзбекча-арабча луғат», «Самарқандия», «Термиз тазкираси», «Маънолар махзани» (ўзбек халқ мақолларининг изоҳи) ва б. адабиётлар, ўрта мактаб, касб-ҳунар коллежлари, тиббиёт мактаблари учун дарсликлар бор. Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институти билан биргаликда 5 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» нашр этилган.