ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ОММАБОП АДАБИЁТЛАР

«Navoiy maktublari»

(«Munshaot» asarining tabdili)
Alisher Navoiy – sermahsul ijodkor. U badiiy adabiyotning deyarli barcha turida qalam tebratgan. Ushbu kitob nafaqat Navoiy ijodida, balki o‘zbek mumtoz adabiyotida muhim o‘rin tutuvchi «Munshaot» asari tabdilining mukammal nashridir. Chunonchi, shoirning bu yozishmalari o‘z davri ijtimoiy-siyosiy holatini tasavvur etishda, ayrim voqea-hodisalarni xolis baholashda beqiyos ilmiy-tarixiy qimmatga egadir. «Munshaot», shuningdek, XV asr o‘zbek nasrining mukammal namunasi o‘laroq ulug‘ shoir hayotiy faoliyati haqidagi juda muhim ma’lumotlarni beruvchi noyob manba sifatida ahamiyatli. «Navoiyning maktublari» – asarning eng nodir qo‘lyozma nusxalari asosida tuzilgan, zamonaviy o‘zbek tilida bayon qilingan shakli. Kitob nafaqat mutaxassislar, balki Navoiy ijodi muxlislariga ham munosib tortiq bo‘ladi degan niyatdamiz.

«МаснавийИ МАЪНАВИЙ»
(таржимон Асқар Маҳкам)

Мавлоно Жалолиддин Румий жаҳон мумтоз адабиётининг энг буюк сиймоларидан бири бўлиб, башарият шоири деб шуҳрат қозонган забардаст алломадир. Қарийб 8 асрдан буён Мавлононинг номи тиллардан тушмайди, румиёна сатрлар эллардан элларга ўтиб жаҳон кезади. Алишер Навоий ул зоти шарифни устозлар устози деб атаса, Абдураҳмон Жомий у ҳақда пайғамбар эмас-у, аммо унинг буюк китоби бор, дейди. Гегель: «Мен ўзимнинг диалектика ҳақидаги таълимотимни ундан (Румийдан) ўрганиб яратганман», деб далолат беради. У ҳақда Лев Толстой, Гётеларнинг ҳам дил сўзлари бор.
«Маснавийи маънавий» Румий ижодининг дурдонаси ҳисобланади. У 6 китобдан иборат. У Ҳақ мадҳи, Ҳақиқат таронаси, Инсони комил йўриқномасидир.
Китоб таржима шарҳи билан чоп этилади. Шарҳ муаллифлари: Обиддин Пошшо, Карим Замоний, Асқар Маҳкам.

«Бадоеъ ул-вақоеъ» («Нодир воқеалар»)

Алишер Навоий адабий мактабининг ёрқин намояндаси бўлмиш Зайниддин Восифийнинг мазкур асарида ХV асрнинг иккинчи ярми – XVI аср биринчи ярмида Хуросон ва Мовароуннаҳрда содир бўлган сиёсий воқеалар, илмий-адабий, тарихий ва маданий ҳаёт акс эттирилган. Ибн Сино, Жомий, Навоий, шунингдек, Қосим Али Қонуний, Чақар, Чангий, Устод Ҳасан Удий, Ҳофиз Басир, Устод Шайхи Нойи каби мусиқашунослар, айрим давлат арбоблари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Китоб Ўрта Осиё халқлари тарихи ва маданиятига оид муҳим манба ҳисобланади.
Асарда қадимий Тошкентдаги сиёсий воқеалар, адабий муҳит, хусусан, унда шоирлару адибларни тўплаб мушоиралар ўтказган Кайковуснинг чорбоғи хусусида қизиқарли воқеалар баён этилган. Тошкент ва унинг атрофида яшаб, ижод қилган шоирлар, рассомлар, хаттотлар ва б. машҳур кишилар, вилоят ҳудудида жойлашган темир ва феруза конлари ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
Китоб ўлкамиз маданиятининг тарихий илдизлари билан қизи­қувчи кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.

«ФУТУҲ ул-БУЛДОН»

Таниқли араб тарихчиси Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир ибн Довуд Балозурий (тахм. 820–892)нинг ушбу «Футуҳ ул-булдон» («Мамлакатларни фатҳ этиш») асарида Араб халифалиги даврида Шом, Кавказорти, Миср, Мағриб, Испания, Месопотамия, Эрон (жумладан, Хуро­сон) ва Мовароуннаҳрнинг фатҳ этилишига доир тарихий воқеалар баён этилган. Асарда маҳаллий халқларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётига тегишли кўплаб муҳим маълумотлар келтирилган.
Китобнинг Хуросон ва Мовароуннаҳрга оид қисми тарих фанлари доктори Ш. Камолиддиннинг араб тилидан ўзбек тилига таржимаси изоҳлари билан китобхонларга тақдим этилмоқда.
Китоб Ватанимиз ўтмиши билан қизиқувчи кенг китобхонлар омма­сига мўлжалланган. Шунингдек, «Футуҳ ул-булдон» ушбу давр бўйича илмий ишлар олиб бораётган тадқиқотчилар учун илк манба бўлиб хизмат қилади.

«БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР»

(Термиз тазкираси)

Эскидан маъмурий жиҳатдан Термизга қарашли бўлган ҳудуд Термиз деб аталган. Шунинг учун мазкур шаҳар ва унинг атрофларида етишган зотларнинг ҳаммалари Термизий деган нисба билан шуҳрат топганлар.
Шубҳасиз, башарият тамаддуни шаклланишида, жумладан, қадимги Шарқ илму фани равнақ ва ривожида Термизнинг ўз ўрни бор.
«Буюк термизийлар» деб номланган мазкур Термиз тазкирасида Термизда яшаб ижод қилган улуғ зотлар, улар қолдирган улкан маънавий-маърифий мерос ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Шунингдек, тазкирада номлари зикр этилган зотларнинг асарларидан парчалар келтирилган.
Тазкира тўққиз бобдан иборат.

«O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASINING
MUSTAQILLIK SOLNOMASI»
(To‘ldirilgan va qayta ishlangan ikkinchi nashr)

Mazkur kitobda O‘zbekiston Respublikasining chorak asrlik mustaqillik davrida erishgan yutuqlari, bu yillarda mamlakatimizda bo‘lib o‘tgan muhim ijtimoiy-iqtisodiy va madaniy voqealar, joylarda olib borilyotgan bunyodkorlik ishlari to‘g‘risida muhim ma’lumotlar yoritilgan.
Ushbu kitob umumiy o‘rta ta’lim maktablari, akademik litsey va kasb-hunar kollejlari o‘quvchilari hamda oliy o‘quv yurtlari talabalariga mo‘ljallangan. Shuningdek, kitob materiallaridan O‘zbekiston tarixi bilan qiziquvchi barcha kitobxonlar foydala­nishlari mumkin.

«500 СЎЗ» (ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ АТАМА ВА ТУШУНЧАЛАРНИНГ ҚИСҚАЧА ЛУҒАТИ)

Ижтимоий-сиёсий мавзуга доир илмий-оммабоп чўнтак луғат­лари кўп йиллардан бери нашр қилинмаган. Мазкур луғатда газета ва журналларда тез-тез учраб турадиган, радио-телевидениеда қулоққа чалинадиган сўз ва атамалар тўпланган.
Китобхонлар ундан иқ­тисодий, дипломатик, юридик, ижтимоий-сиёсий ва бошқа атамаларнинг аниқ ва қисқа илмий изоҳини топади.
Китоб илмий-оммабоп тилда бўлиб, ижтимоий ҳаётда кўп учрайдиган ва аксаран маъно-моҳиятини тушунмай ишлатавериш ҳолатларига дуч келинадиган сўз ва атамаларни қисқа, лўнда қилиб тушунтириб беради.
Луғат кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.

«EТТИНЧИ ҚИТЪА»

Китоб ўзбек адабиётининг ХХ асрда яшаб ижод қилган машҳур дарғаларидан тортиб, бугунги кунда ўсиб келаётган истеъдодли, ёрқин ижодкорларнинг асарларигача янги нигоҳ, янги қараш билан юритилган мулоҳазалар, бугунги кун нуқтаи назаридан берилган баҳо, изчил таҳлилий хулосаларни ўз ичига қамраб олади. Шунингдек, мазкур китоб ҳозирги адабиётшунослигимизда ҳам ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Муаллиф аксари адабиётшунослар томонидан кам таҳлилга тортилган шоирларнинг асарлари ҳақида сўз юритишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, асарлари ҳали илмий жиҳатдан ўрганилмаган ёш ижодкорлар тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар, адабий хулосалар кўпчилик адабиёт ихлосмандларини қизиқтириши билан бирга, бугунги давр адабиёти, хусусан, шеърияти борасида муайян тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.

«АҚЛ ВА РУҲ БАҲСИ»

Ушбу рисолада жаҳон ва ўзбек адабиётидаги ёлғизлик мотиви, унинг ижтимоий-психологик асослари ва сабаблари таҳлил қилинган. Нафақат адабий қаҳрамонларнинг, балки шу мавзудаги асарларнинг ўзи ҳам турли талқинларга сабаб бўлиши масалалари ўрганилган. Рисолада Д.Дефонинг «Робинзон Крузо», Ф.Кафканинг «Жа­раён», А.Камьюнинг «Сизиф ҳақида афсона», «Бегона», Ф.Грибое­дов­­­нинг «Ақллилик балоси», А.Пушкиннинг «Евгений Онегин», М.Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони», Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», А.Чеховнинг «Ғилоф бандаси», «Олтинчи палата», Т.Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди», У.Ҳамдамнинг «Ёлғизлик» асарларига янгича нигоҳ билан қаралганига гувоҳ бўласиз.
Инсон маънавий олами кашфиётлари акс этган ушбу асарлардаги инсон руҳининг парвози, ўзини излаш йўлидаги саргардонлиги, мағлубияти жараёнлари очиб берилади; руҳшунослар, файласуфлар ва адабиётшуносларнинг фикру мулоҳазалари таҳлил қилинади.